Самарқанддаги ёпиқ муассасаларда қарийб 400 нафар шахс тиббий кўрикдан ўтказилди

Самарқанддаги ёпиқ муассасаларда тиббий кўрикдан ўтказилди

«Марказий Осиё Уюшмаси» жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва уларнинг тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш масалаларини мунтазам кўтариб келмоқда. Жумладан, ваколатхона директори Гулноз Мамарасулова томонидан маҳкумларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббий хизматдан фойдаланишдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда тегишли ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш юзасидан бир қатор таклифлар илгари сурилган. 

Шу нуқтаи назардан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан Самарқанд вилоятидаги ёпиқ муассасаларда ўтказилган навбатдаги мониторинг ташрифлари, айниқса, сақланаётган шахсларнинг саломатлигини текширишга қаратилган амалий чоралар эътиборга молик.

2026 йил 19-20 ноябрь кунлари Омбудсман Феруза Эшматова ҳамда қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳи аъзолари, жумладан, «Марказий Осиё Уюшмаси» жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари Самарқанд вилоятидаги ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган қатор муассасаларда мониторинг ўтказди.

Икки кун давомида Самарқанд ва Ургут шаҳар ички ишлар бўлимларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, вилоят махсус қабулхонаси, 38-сон манзил-колония, Ургутдаги ногиронлиги бўлган шахслар учун «Мурувват» аёллар интернат уйи, шунингдек, наркология ва руҳий саломатлик муассасаларининг вилоят филиалларидаги шароитлар ўрганилди. Мониторингнинг иккинчи кунида 7-сон тергов ҳибсхонаси, Иштихон тумани ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ҳамда мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пункти ҳам кўздан кечирилди.

Ташрифнинг энг муҳим жиҳатларидан бири 7-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахслар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилгани бўлди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда тиббиётнинг 10 дан ортиқ йўналиши бўйича мутахассислар жалб қилиниб, қарийб 400 нафар шахс тиббий текширувдан ўтказилди.

Бундай ташаббуслар, албатта, муҳим. Бироқ тиббий кўрик ўтказишнинг ўзи етарли эмас. Унда аниқланган касалликлар бўйича зарур даволаш чоралари кўрилиши, мутахассислар тавсияларининг бажарилиши, оғир аҳволдаги беморларни ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига йўналтириш ва уларнинг кейинги саломатлик ҳолатини кузатиб бориш ҳам таъминланиши керак. Айниқса, сурункали касалликларга чалинган ва мунтазам тиббий назоратга муҳтож шахслар учун бундай хизматлар бир марталик тадбир эмас, доимий тизимга айланиши зарур.

Омбудсманнинг расмий маълумотига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларда ўтказилган мониторинг ташрифлари натижасида тегишли вазирлик ва идораларга тақдимнома, талабнома ва хулоса шаклида жами 61 та таъсир чораси киритилган. Ушбу чораларнинг қанчаси амалда бажарилгани, қандай камчиликлар бартараф этилгани ва сақланаётган шахсларнинг шароитида қандай ўзгаришлар юз бергани ҳақида жамоатчиликка мунтазам маълумот бериб борилиши ҳам муҳим.

«Марказий Осиё Уюшмаси» жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Омбудсман томонидан амалга оширилаётган бундай мониторинг ташрифларини қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, ёпиқ муассасаларда тиббий хизмат сифатини яхшилаш, маҳкумларнинг саломатлигига оид мурожаатларни самарали кўриб чиқиш, мустақил жамоатчилик мониторингини кенгайтириш ва аниқланган муаммолар бўйича амалий чоралар кўрилишини таъминлаш юзасидан ўз таклифларини илгари суришда давом этади.