ACAнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Омбудсманга инсон ҳуқуқлари бўйича таклифлар киритди

ssociation Central Asia’s Uzbekistan Office Proposes Human Rights Measures to Ombudsmanваколатхонаси инсон ҳуқуқлари бўйича таклифлар илгари сурди

2026 йил 13 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятининг ўрни ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда “Марказий Осиё Уюшмаси” жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Гулноз Мамарасулова ҳам иштирок этиб, ташкилотнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти, жамоатчилик мониторинги давомида аниқланган муаммолар ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан бир қатор таклифларни билдирди. 

Учрашув давомида Омбудсман Феруза Эшматова шундай таъкидлади: «Бу янги биномиз том маънода инсон ҳуқуқлари уйи, эшигимиз ҳамиша очиқ ва сизлар билан ҳамкорликка тайёрмиз». Бу фикр фуқаролик жамияти вакиллари учун муҳим аҳамиятга эга. Зеро, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда эшикларнинг очиқлиги нафақат фуқароларни қабул қилиш, балки уларнинг дардини эшитиш, танқидий фикрларни қабул қилиш, мавжуд муаммоларни тан олиш ва уларга биргаликда ечим излашга тайёрликни ҳам англатади. Айниқса, мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва нодавлат ташкилотларининг кузатувлари, таклифлари ҳамда улар кўтараётган мураккаб масалаларга эътибор қаратилиши давлат институтлари билан ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

Учрашувда «Омбудсман ва фуқаролик жамияти: ўзаро мулоқот ва ечимлар» платформаси концепцияси муҳокама қилинди. Мазкур ташаббус доирасида йил давомида инсон ҳуқуқларининг турли йўналишларига бағишланган бир қатор учрашувлар ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Уларда нодавлат нотижорат ташкилотлари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва фуқаролик жамиятининг бошқа вакиллари ўз фаолияти давомида дуч келаётган муаммолар, жамоатчилик мониторинги натижалари ҳамда қонунчилик ва амалиётни такомиллаштиришга оид таклифларини илгари суриш имкониятига эга бўладилар. Муҳокамалар давомида билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, Омбудсман кўмагида тегишли давлат органларига тақдим этиб борилиши режалаштирилмоқда. Бу эса фуқаролик жамиятининг амалий тажрибасини давлат органлари қарорларида инобатга олиш, жойларда аниқланган муаммоларни тизимли равишда кўтариш ва уларнинг ечими юзасидан мулоқотни давом эттириш учун қўшимча имконият яратиши мумкин.

“Марказий Осиё Уюшмаси” жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Гулноз Мамарасулова ўз чиқишида фуқаролик жамияти ташкилотлари фақат муаммолар ҳақида маълумот етказувчи ёки расмий тадбирларда иштирок этувчи томон бўлиб қолмаслиги, балки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қарорлар ва тавсияларни ишлаб чиқишда тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида қатнашиши зарурлигини таъкидлади. Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг мустақил ва эркин фаолият юритиши, инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини биргаликда ўрганиш, жамоатчилик мониторинги натижаларини амалий қарорларга айлантириш ва Омбудсман томонидан давлат органларига киритиладиган тавсияларнинг ижросини кузатиб бориш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, мустақил ташкилотларнинг фаолиятида учраётган маъмурий тўсиқлар, уларнинг жамоатчилик назоратини амалга ошириш имкониятлари ва фуқаролик жамияти вакиллари томонидан билдирилган танқидий фикрларга муносабат масалаларини ҳам очиқ муҳокама қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Учрашувда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар хавфсизлигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Гулноз Мамарасулова ҳимоя ордерлари тизимининг амалда қанчалик самарали ишлаётганини мустақил ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Зеро, ҳимоя ордерининг берилиши билан муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Энг муҳим савол — ушбу ҳужжат жабрланувчи аёлни ҳақиқатан ҳам зўравонликдан ҳимоя қила оляптими, зўравонлик такрорланишининг олди олиняптими, аёл зарур ҳуқуқий, психологик ва ижтимоий ёрдамдан фойдалана оляптими? Шу нуқтаи назардан, ҳимоя ордерларининг амалий самарадорлигини мустақил нодавлат ташкилотлари иштирокида мониторинг қилиш, жабрланувчиларнинг тажрибасини ўрганиш ва аниқланган камчиликлар асосида ҳимоя механизмларини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди. Бундай ёндашув зўравонлик ҳолатларига фақат расмий статистика орқали эмас, балки жабрланган аёлларнинг реал ҳаётий вазияти ва эҳтиёжлари нуқтаи назаридан ҳам баҳо бериш имконини яратади.

Янги мулоқот платформаси ана шундай масалаларни изчил муҳокама қилиш, турли соҳаларда фаолият юритаётган ташкилотларнинг кузатув ва таклифларини бирлаштириш учун муҳим майдон бўлиши кутилмоқда. Бунда мустақил нодавлат ташкилотлари, ҳудудларда ишлаётган фаоллар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг иштирокини таъминлаш, улар кўтараётган муаммоларни очиқ муҳокама қилиш ҳамда тегишли давлат органларига киритилган таклифлар юзасидан қайта алоқа механизмини йўлга қўйиш айниқса муҳим. Чунки инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муаммолар биргина ташкилот ёки давлат идорасининг саъй-ҳаракатлари билан ҳал бўлмайди. Бунинг учун мустақил кузатувлар, очиқ мулоқот, ўзаро ишонч ва энг аввало, мавжуд муаммоларга ечим топишга бўлган қатъий интилиш зарур.

Марказий Осиё уюшмасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мазкур платформа доирасида ташкил этиладиган учрашувларда фаол иштирок этиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида тўпланган тажриба ва жамоатчилик мониторинги натижалари асосида ўз таклифларини мунтазам тақдим этиб боради.