Саволларингизга швед сиёсатчиси Ларс Лейонборгнинг жавоблари -3.

Alisher Kambarov, савол:
1.Швеция давлатни Ўзбекистонда ҳақиқий, демократик кишилик (фукоролик) жамиятини шакллантириш учун кандай амалий кўмаклар бера олади?
2. Нима сабабдан Швеция ва Ўзбекистон орасида иктисодий, сиёсий, тижорий алокалар жуда заиф?

Жавоб: Салом Алишер Камбаров! Швециянинг ёрдам бериш истаги бор. Мен бир неча йил олдин Ўзбекистонга қилган ташрифим сиз айтиб ўтган муаммоларни ҳал қилишдаги ҳамкорликнинг бир қисми эди. Швеция компаниялари Ўзбекистонда яхши иқтисодий ривожланишни қайд этишмоқда ва Швециядан бир нечта савдо делегациялари Ўзбекистонга ташриф буюришди. Сўнгги пайтларда Швеция оммавий ахборот воситалари бир неча бор ушбу мамлакатни келажаги порлоқ эканлигини таъкидлашди. Шунинг учун келажакда кўпроқ тижорий алмашинувлар бўлиши мумкин деб ўйлайман. Швеция давлати Ўзбекистондаги сиёсий воқеаларни катта қизиқиш билан кузатиб боради. Умид қиламизки, эркинлик ва адолат таъминланиши учун Президент Мирзиёев даврида янада ошкоралик йўлидаги қадамлар охирига қадар олиб борилади.

Jamshid Do’stov, савол: Ассалому алайкум. Швецияда хукумат, ижро этувчи давлат органлари ва суд тизими бир-бирини тийиб туришда асосий принциплар нималардан иборат хамда Швеция Киролининг фармони Конституциявий суд оркали бекор килиниши конунчиликда белгиланганми?

Жавоб: Салом, Жамшид Дўстов! Биринчидан, мен шуни аниқ айтмоқчиманки, Швеция тарихий сабабларга кўра монархия бўлса-да, бу мамлакат демократия бўлиб, унда Қирол фақат тантанали ролга эга. Бош вазир парламент томонидан сайланади ва унга Риксдаг (Швеция парламенти) ишониши керак. Риксдаг ҳукумат устидан назоратни амалга оширади. Одатда парламентаризм деб аталадиган Риксдагда қўллаб-қувватлаш талаби, кўпинча мухолиф партиялар келиша олмаган пайтда озчилик ҳукуматларига эга бўлишимизга тўсқинлик қилмайди ва шунинг учун ҳукуматлар ўзларининг кўпчилик таркибисиз ўз таклифларини Риксдагда қўллаб-қувватлашлари мумкин. Кўплаб бошқа демократик давлатлардан фарқли ўлароқ, Швецияда Конституциявий суд йўқ, аммо суд Конституцияга зид деб ҳисоблаган қонунга мувофиқ қарор чиқаришни рад қилиши мумкинлиги Конституцияда белгилан қўйилган. Шу тарзда, айрим ҳолларда ҳуқуқий тизим сиёсий қарорларни қабул қилишни тўхтатиши мумкин, аммо бу камдан-кам ҳолларда рўй беради.

Sevara Eshankulova, савол: Маълумки, Швеция парламенти бир палатали. Бу ҳолат Швеция парламети томонидан қабул қилинаётган қонун хужжатлари сифатига салбий таъсир этмайдими? Икки палатали парламент тизими мавжуд бўлган мамлакатларда қонунлар сифат нуқтаи назаридан мукаммалроқ қабул қилинади, деган фикрга қандай муносабат билдирасиз?

Жавоб: Салом, Севара Эшонқулова! Бу қизиқ савол. Менинг партиям – либераллар 1960-йилларда икки палатали тизимни бекор қилишга бошчилик қилди. Сабаби шу эдики, бир палатали парламентда одамларнинг иродаси дарҳол кучга киради ва бундан бир неча йил олдин бошқача овоз берган сайловчилар бунга аралашмайди. Икки палатали тизимни қайта тиклаш тўғрисида Швецияда ҳеч қандай мунозаралар мавжуд эмас. Аммо бу билан шуни айтишим мумкинки, вақтинчалик фикрлар, ҳеч бўлмаганда ижтимоий тармоқлар орқали асоссиз равишда тезкор таъсир кўрсатиши ва бу муваффақияциз қонунларни истерик кайфиятда қабул қилишига олиб келиши мумкинлиги мени бироз ташвишга солади. Аммо бизнинг тизимимизда бошқа «инерционал» омиллар ҳам мавжуд, яъни кечикиш омиллари, умид қиламизки, муваффақияциз қонунлар қабул қилинмасдан олдин тизим ўз қарорини қайта кўриб чиқишга мажбур қилади. Қонун қарор қабул қилишдан олдин тегишли асосга эга бўлишни талаб қилади ва кўпинча бундай асосни олиш учун бир неча йил вақт кетиши мумкин. Аммо барчамиз демократияни вақтинчалик, популистик фикрлардан қай даражада ҳимоя қилиш ҳақида ўйлашимиз лозим.

Munira Mirzaeva, савол: Ассалому алайкум. Бизда қонунлар кўпроқ амалдорларга ишлайди. Умумхалқ фойдасига ишлаши учун нима маслахат берасиз ва амалдорлар қонун доирасида ишлаши учун уларга хам бирор қонун жорий қилса бўладими? Яъни мансабидан фойдаланмаслиги учун?

Жавоб: Салом Мунира Мирзаева! Демократик фаолият юритадиган мамлакатда ечимлар, ҳеч бўлмаганда узоқ муддатли истиқболда, кенг аҳоли қатламига фойда келтиради. Айнан демократик сайловларда кўпчиликка фойда келтирадиган ислоҳотлар учун кураш олиб борилади. Бироқ, либераллар сиёсат ҳеч қачон алоҳида гуруҳларнинг фойдаси учун бўлмаслиги кераклигини, унинг ҳамма учун яхшироқ бўлишини таъминлаш муҳимлигини таъкидлашади.

Yusuf Rasul, савол: Шу йилнинг январ ойидан Швеция ЕҲХТда раисликни қабул қилди. Бу даврда ЕҲХТга аъзо давлатларнинг Ўзбекистон билан муносабатларида бирор ўзгаришлар бўлиши мумкинми?

Жавоб: Салом Юсуф Расул! Ушбу даврда ЕХҲТга раислик қилиш катта масъулиятдир. Афсуски, раислик пайтида Украина, Белоруссия ва Россиядаги воқеалар ва улар ўртасидаги зиддиятлар билан боғлиқ ҳолда кўплаб қийинчиликлар пайдо бўлади деб ҳисоблайман. Қримни Россия томонидан қўшиб олиниши, Лукашенка режими томонидан ўтказилган сайловлардаги аниқ фалсификациялар ва Россия режимининг оппозиция тарафларига муносабати каби воқеалардан кейин қисқа вақт ичида яхши ҳамкорлик муҳитини яратиш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Европа Иттифоқи санкциялар билан жавоб бермасдан содир бўлаётган воқеаларни ҳал қилиши қийин. Аммо, Ғарбий Европа ва Ўзбекистон, шунингдек, Марказий Осиёдаги бошқа ЕХҲТ мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар ушбу даврда яхши ривожланиб бориши мумкинлигига умид қиламан.