Гулноз Мамарасулова: Хорижий инвестициялар эвазига қурилаётган уйлар ва сафланаётган маблағлар борасида жиддий текширувлар ўтказиш зарур

Швециядаги “Марказий Осиё Уюшмаси” Жамияти ваколатхонаси директори Гулноз Мамарасуловага кўра, Ўзбекистонда хорижий инвестициялар эвазига кам таъминланганлар учун қурилаётган уйлар ва уларга сафланаётган маблағлар борасида жиддий текширувлар ўтказиш зарурати бор. Ҳуқуқ фаоли Demokrat.uz’га тақдим қилган таҳлилий мақоласида бу текширувлар заруратини асослайди.

2020 йил 25 июнь куни Осиё Тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон ҳукумати томонидан тақдим этилган муҳтож оилаларга қишлоқ жойларда кўп қаватли арзон уй-жойлар қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион АҚШ доллари миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллаган эди. Мазкур лойиҳа доирасида мамлакатнинг тўққизта ҳудудида камида 29 мингта уй-жой қуриш учун кредитлар ажратилиб, дастур “Ипотека банк”, “Миллий банк”, “Қишлоқ қурилиш банк” давлат банклари ва “Қишлоқ қурилиш инвест” давлат инжиниринг компанияси орқали амалга оширилган.

Марказий Осиё минтақасида демографик ўсиш жараёни бўйича Ўзбекистон илғор мамлакат бўлиб, йил бошида эълон қилинган статистикага кўра, республика аҳолиси сони 36 минг нафардан ошган. Бу миқдор эса бошпанага эҳтиёж ошаётганини англатиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами тақдири борасида жиддий ҳавотирлар уйғотади. Давлат бу сингари масалаларга ўз вақтида етарлича эътибор қаратмаса, муқаррар ижтимоий-иқтисодий инқирозлар гирдобига дучор бўлиши мумкин.

Хўш, бу шунчалик муҳим масала экан, айни йўналишда бизда айнан кўрилаётган чора-тадбирлар миқёси ва сифати қандай? Халқаро банклардан олинаётган қарзлар коррупциядан холис тўғри мақсадларда фойдаланилмоқдами? Буни назорат қилувчи қайси масъул ташкилотлар мониторинг натижаларини эълон қилди? Ўзи шундай назорат органлари мавжудми? Агар мавжуд бўлса, текширувлар шаффоф ва одил ўтганми? Саволлар кўп.

Ўзбекистонда 2020 йилда давлат рўйхатидан ўтган “Марказий Осиё Ушмаси” Жамияти ваколатхонаси томонидан бу масалада жорий йилда олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, ижтимоий уй-жойлар қуриш учун тақдим этилган хорижий инвестициялар белгиланган ижтимоий манзилларга тўлиқ етиб бормаганлигини фойдаланишга топширилган уйларнинг сифат даражаси паст эканлигидан англаш мумкин. Ижтимоий турар жойлар сотиб олган респондентларнинг фикрича, маҳаллий масъул мутасаддилар ҳам ушбу қурилиш ишларига ўз ваколатлари доирасида масъулият билан ёндашмаган.

Тадқиқот давомида Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида Осиё Тараққиёт банки маблағлари эвазига қурилган кўп қаватли турар жойлардаги хонадон эгалари билан суҳбат қилиниб, умумий муаммолар ўрганилди.

Нишон тумани Нуристон шаҳарчасидаги қўп қаватли биринчи уй олдида тўхтаймиз… Бизни кутиб олган биринчи “ҳушманзара” ҳолат бирдан кўзга ташланади. Кўча бошида болалар майдончаси ёнидаги зўрға қад керган электр трансформатор умуман хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. Атрофи очиқ, ҳимоя панжаралари билан ўралмаган хавфли зонадан 10 метр наридаги майдончада болалар ўйнаб юрибди. “Мазкур болалар ўйингоҳини ҳам охиригача қуриб беришмади” – деди шу ерда истиқомат қилувчи респондентлардан бири.

Шунингдек, тадқиқот ўтказилган барча ҳудудлардаги аҳоли вакиллари уйларнинг сифат даражаси талабга жавоб бермаслиги, турар жой бинолари атрофида инфраструктура яхши ривожланмаганлиги, канализация, ичимлик суви ва қурилиш ишлари билан боғлиқ бошқа қатор муаммолар ҳақида шикоят қилишди.

“Биз уйга кўчиб келганимиздан сўнг бир ой ўтмасидан муаммолар бошланди. Яъни уйнинг ички жиҳозланиши, фойдаланилган материаллар буткул қониқарсиз эди. Деворлар цемент аралашмаси эмас, тупроқдан қилигани боисданми дарров нураб тўкила бошлади. Канализация ва сув қувурлари уланган жойлари етарлича герметик эмас. Эшик ва ойна ручкалари “брак” эканлиги сабабли уларни биринчилардан бўлиб алмаштиришга мажбур бўлдик. Иситиш мосламаси ҳар 3 ойда бузилавериб безор қилди ва уни ҳам алмаштиришга тўғри келди. Қўл ювиш раковиналари, унитаз ва ванна тоғораси ўта сифатсизлиги сабабли орадан кўп ўтмай чириб бошлади” – деди суҳбат давомида яна бир аҳоли вакили.

Нишон туманидаги уй эгалари айтишига кўра, турар жой бинолари олдидан 1,5 метр чуқурликдан ичимлик суви трубаси ётқизиб кетилган. Шу сув трубаси ҳар йили бир неча бор ёрилиб кетади. Уни таъмирлаш учун бир неча кунлаб вақт ва аҳолининг маблағи сарфланади. Натижада бир неча кунлаб уйларга сув етиб бормайди. Чиқиндихоналар уйларга жуда яқин жойлашгани туфайли бадбўй ҳид фуқароларга сезиларли даражада ноқулайлик туғдиради. Айниқса, иссиқ кунлар бошлаганда вазият янада оғирлашиб, зараркунанда ҳашаротлар ва эмланмаган дайди итлар изғиши ҳам фуқаролар соғлиги учун жиддий ҳавф туғдирмоқда.

Шунингдек, Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Қашқадарё вилоятлари ҳудудларида қурилган қўп қаватли турар жойлар аҳолиси ўртасида сўров ўтказиш жараёнида респондентларнинг асосий қисми улар сотиб олган хонадонларнинг сифати талаб даражасида эмас ва уйни тегишли тартибда навбат асосида олишда таниш-билишчилик ёки коррупция ҳолатлари содир бўлганлик эҳтимоллари жуда баланд.

Мазкур муаммолар юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилганганлик ҳолатлари ўрганилганда, респондентларнинг 40 фоизи маҳаллий органларга шикоят қилгани, аммо текширувчилар юзаки ўрганишлар билан чекланишгани ёки умуман суриштирувлар олиб борилмаганлигини маълум қилишди. Қолган 60 фоиз респондентлар эса мурожаат қилишдан наф чиқмаслигига ишонишларини билдирган.

Аслида шикоят механизмлари ишламаслиги энг асосий муаммолардан бири бўлиб, бу аҳоли вакилларининг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақида респондентлардан бири шундай дейди: “Одатдагидек, аввало туманимиз ҳокимлигига шикоят қилдик, сўнг вилоят ва Тошкент. Натижа ҳаммасида бир хил – катта нол! Шикоятларни ўрганишга қанақадир озғин ва кўримсиз костюм-шим кийган очкили нусхаларни жўнатишади. Улар ўз навбатида блокнотчасига (қўлдан келганича ўта жиддий қиёфада) нималарнидир тирнаб ёзиб кетишади. Шу билан қарабсизки, “муаммолар ҳал!” 

Тадқиқот иштирокчиларилари хорижий инвестициялар эвазига барпо қилинган қўп қаватли уйларга сарфланган маблағлар тўғри мақсадларга йўналтирилганлигига ишонч билдиришмади. Уйлар кам таъминланган оилалар учун экан дея қурилиш материалларини “кам таъминлаган” қурувчи ташкилотлар ишларини қайта жиддий текширувдан ўтказиш лозимлигини таъкидлайди.

Муаммолар ечимига ниҳоятда скептик қарайдиган аҳоли вакилларидан бири қуйидаги фикрларни билдиради: “Уларга айтадиган гапларим оддий: ўғирлик қилинглар, лекин озгина инсоф билан қилинглар. Давлат пулларини бунчалик сурбетлик ва очкўзлик билан ўмариб кетишни сал сўраб-суриштирадиган тайинли орган ташкил этилсин ва бу органга порахўрлик қилмайдиган кадрлар олинсин, илтимос!”.

Хорижий инвестициялар ҳисобидан қурилаётган ижтимоий уйлар лойиҳаси уйга муҳтож кам таъминланган оилаларнинг манфаатларини кўзлайдиган хайрли лойиҳа бўлса-да, турли соҳаларда коррупция даражаси ошиб бораётган Ўзбекистон шароитида ажратилган маблағлар тўғри мақсадларда фойдаланилганлигини синчковлик билан текшириш кераклигини ҳамда лойиҳалар амалга оширилиши жараёнида доимий мониторинг олиб бориши лозимлигини кўрсатади.

Гулноз Мамарасулова,
“Марказий Осиё Уюшмаси” Жамияти ваколатхонаси директори

https://demokrat.uz/2023/12/15/tadqiqotlar-horizhij-investicziyalar-evaziga-kam-taminlanganlar-uchun-qurilayotgan-ujlar-borasida-zhiddij-tekshiruvlar-kerakligini-korsatmoqda-huquq-faoli