Фейсбукда кўп учрайдиган, фуқароларнинг тўғридан-тўғри Президент Ш. Мирзиёев номига ёзган очиқ мурожаатларини ўқиб, маҳаллий ҳокимият идоралари, Президентнинг ислоҳотларини ҳаётга татбиқ этишда энг катта тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда, деган хулосага келаман. Нимага? Бу мурожаатларни ўқиб чиқсанг, кўтарилган масала асосан маҳаллий, туман ва вилоят даражасида ҳал бўладиган муаммо бўлиб чиқади. Лекин фуқаролар барибир шахсан Президентга очиқ мурожаатнома ёзишади. Натижада эса кўтарилган муаммо ўз ечимини топмайди, омма орасида эса Президент ёмон, фуқаролар муаммоларига эътиборсиз бўлиб қолади.
Ўзоқ йиллардан бери Швецияда яшайман ва шу давр ичида бирор бир Швецияда яшовчи одам, давлат раҳбари бўлган Швеция Бош вазирига (швед тилида Statsminister), ўзининг ҳал бўлмаётган муаммо ёки масаласи бўйича мурожаат қилганини кўрмадим ва эшитмадим! Нимага бундай, биласизларми? Ҳамма гап, Швецияда давлатни бошқариш масъулияти бўлинганлигида. Швецияда маҳаллий ҳокимият идоралари, фақат маҳаллий масала ва муаммолар билан шуғулланишади ва маҳаллий аҳоли уларни фақат шунинг учун сайлайди. Ўзбекистонда ҳам, маҳаллий бошқариш идоралари маҳаллий аҳолининг масалалари ва муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланади -ку, нимага унда фуқаролар барибир шахсан Президентга мурожаат қилишади? Бу саволга жавобни кўпчилик билади, Швецияда маҳаллий ҳокимият маҳаллий аҳоли олдида маъсул ва жавобгар, чунки уларни маҳаллий аҳоли сайлайди, Ўзбекистонда эса маҳаллий ҳокимият бошлиғини маҳаллий аҳоли сайламайди. Президент тарафидан тайинланган ҳоким ва ўз навбатида ҳоким тарафидан тайинланган ҳокимият ходимлари, маҳаллий аҳоли олдида ҳеч қандай маъсулият ва мажбурият сезмайди. Агар, маҳаллий аҳоли уларни сайламаган бўлса, демак аҳоли, ҳоким ва ҳокимият ҳодимларини ишдан олиб ташлаш ёки янаги сайловларда уларга қарши овоз бериб, ишдан кетказиш имкониятига ҳам эга бўлмайди.
Бундай шароитда, муаммо ва масалалари ҳал бўлмаган фуқаро нима қилади? Албатта, шу маҳаллий ҳокимларни ишга тайинлаган Президентга тўғридан-тўғри мурожаат қилади ва жаноб Президент, Сиз бизга тайинлаган одамларингиз бизнинг муаммоларимизни ҳал қилмаябди, ўзингиз аралашиб бирор нарса қилинг деб ёзишга мажбур бўлади! Бу ҳолатни ўзгартириш мумкинми? Қандай ўзгартириш мумкин? Бунинг бирдан бир йўли Швециядаги каби, ҳокимларни, маҳаллий аҳолини ўзи сайлаши керак, шундай қилинса вазият кескин ўзгаради ва маҳаллий бошқариш идораларининг иш услуби ўзгариши мумкин, чунки улар бу ҳолда маҳаллий аҳоли томонидан сайланади ва улар олдида маъсул бўлишади. Президентнинг ҳам иши осонлашади, чунки бу янгича вазиятда, Президент маҳаллий муаммоларни ҳал қилиш юкидан қутилади ва давлат миқёсидаги ишлар билан шуғилланишга кўпроқ вақти пайдо бўлади. Менимча, Президент Ш. Мирзиёев буни аниқ тушиниб етди ва шунинг учун ҳам ҳокимларни маҳаллий аҳоли ўзи сайлаши керак деган фикрни охирги йилларда бирнеча бор очиқ айтди.
Юқорида ёзилган фикрларимга яна бир нарсани кўшимча қилмоқчиман. Бир неча кун олдин, Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева «Биз ўзимиз ҳали ҳокимлар сайловига тайёр эмасмиз» деган гаплари кўпчиликда эътироз уйғотди. Лекин менинг фикримча Танзила опанинг гапларида жон бор. Нима учун ҳокимлар сайловига тайёр эмасмиз ва тайёр бўлишимиз учун нималар қилишимиз керак деган масалаларга бағишлаб яқин кунларда ўз фикрларимни билдираман.
Агар Президент ташаббуси билан бу масалада амалий қадамлар бошланса, қўлдан келганча ёрдам ва бу масалада Швеция тажрибаси билан таништириш ишларига кўмак беришга доим тайёрмиз.