Бугун Гулистон шаҳридаги “Три короля” кафесида “Марказий Осиё уюшмаси” жамияти раҳбари Пўлат Охунов ва унинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Гулноз Мамарасулова Сирдарё вилоятидаги фуқаролик жамияти фаоллари, журналистлар ва блогерлар билан суҳбат ўтказди.
Қароргоҳи Швеция пойтахти Стакгольмда жойлашган жамият республикамизда сўнгги йилларда кечаётган туб демократик ислоҳотлар, инсон ва бола ҳуқуқларига амал қилиш борасида амалга оширилган ишларда сезиларли силжишлар рўй берганлигини эътироф этдилар. “Марказий Осиё уюшмаси” жамиятининг асосий мақсадларидан бири демократия йўлига оғишмай қадам қўяётган ўзбекистонликларга турли лойиҳаларни татбиқ қилган ҳолда улар ҳуқуқий маданиятини ошириш, амалдаги қонунларга қатъий амал қилишга чорлаш ва ўз ҳақларини англаб етишларига ёрдам беришдир.
“Марказий Осиё уюшмаси” жамияти кун тартибига киритилган мавзу доирасида аҳоли қатламларининг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида республикамизнинг барча вилоятларида суҳбат ва гурунглар ўтказмоқда, фуқароларнинг мулоҳазаларини эшитмоқда, саволларига жавоблар қайтармоқда. Бу учрашувлар пировардида Жамиятнинг стратегияси ва тактикасини белгилашда асқотиши шак-шубҳасиздир.