“Сўз эркинлиги ва мустақил журналистика – демократик жамиятнинг асосий устунларидан бири бўлиб, уларни ҳимоя қилиш давлатнинг бурчидир!”.
Муҳтарам ҳукумат вакиллари,
Ўзбекистон Республикасининг президенти Ш. Мирзиёевнинг 2016 – 2020 йиллар давомида олиб боргани очиқлик ва демократлаштириш сиёсати натижасида сўз эркинлигини таъминлаш сохасида кенг кўламли ижобий ўзгаришлар содир бўлганини қайд этиш лозим.
Лекин сўнгги бир неча ой ичида Ўзбекистонда журналист ва блогерларнинг ҳибсга олиниши ва қамоққа ташланиши билан боғлиқ вазият тобора кескин тус олаётгани бизни ва фаолларимизни қаттиқ хавотирга солмоқда. Ким ҳақ-у ким ноҳақ эканлиги бизга қоронғу, буни албатта мустақил суд хал қилиши керак. Лекин биз ҳукуматга нисбатан танқидий фикр билдирган шахсларга нисбатан тахдидлар ёки уларни қамоққа олиш ҳолатлари сонининг ортиб бориши тенденцияси борлигини кўраяпмиз. Агар бундай ҳаракатлар яна такрорий содир бўлаверса, у тизимли характердаги даражага етган деб ҳисоблаш мумкин. Бизни ташвишга солаётган нарса айнан шу.
Журналист ва блогерлар ахборотни ошкор этиш, жамоатчиликка холис ва асосли маълумот етказишда муҳим рол ўйнайди ҳамда жамоатчилик фикрини шакллантиришга катта таъсир кўрсатади. Журналист/блогерларга нисбатан ҳаддан ташқари чекловлар қўйиш, уларнинг ҳибсга олиниши ва қамоққа ташланиши эркин ахборот оқимига тўсқинлик қилади ва эркин матбуот тамойилларига путур етказади.
Шу боисдан мазкур ҳолатларга жиддий эътибор қаратиб, матбуот эркинлигини таъминлаш ва журналист/блогерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўришингизни сўраймиз. Шунингдек, журналистлар ҳуқуқлари поймол этилиши билан боғлиқ барча ҳолатлар шаффоф ўтказилиши ва айбдорларга нисбатан қонун доирасида жазо чоралари кўрилишини истар эдик.
Демократик жамият эркин ва очиқ ахборот алмашинувини таъминлаши, журналист/блогерлар ўз касбий фаолиятини ҳеч қандай қўрқув ва хавф-хатарсиз амалга ошириши керак.
Юқорида билдирилган хавотирларни жиддий ўрганишингизни сўраймиз. Сизларнинг ҳаракатингиз ва иродангиз Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ҳамда журналист/блогерлар ҳуқуқлари ҳимоя қилишинишини таъминлайди деб умид қиламиз.
Ҳурмат ва эҳтиром билан,
Пўлат Аҳунов, “Марказий Осиё Уюшмаси” Жамияти раиси
Гулноз Мамарасулова, “Марказий Осиё Уюшмаси” Жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори