Ваколатхонамизга фуқаролик жамияти фаолиятига қизиққан талаба ёшлар ташриф буюрди

Бугун, 29 сентябр куни, «Марказий Осиё Уюшмаси» Жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига фуқаролик жамияти ҳаёти ва ННТлар фаолиятига қизиққан талаба ёшлар ташриф буюрди.

Давра суҳбати шаклида бўлган учрашувда Ваколатхона директори Гулноз Мамарасулова Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари билан қуйидаги масалалар ҳақида суҳбатлашди:
– Фуқаролик жамияти нима ва у қандай шаклланади?
– Нодавлат ва нотижорат ташкилотлари қандай асосларга кўра фаолият юритади, уларнинг маблағлари нималар ҳисобидан қопланади?
– Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг роли ва аҳамияти;
– Ўзбекистонда сўнги йилларда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг умумий тавсифи;
– «Марказий Осиё Уюшмаси» Жамияти Ўзбекистондаги ваколатхонасининг асосий мақсад, вазифалари ва фаолият доираси.

Учрашув давомида талабалар Ўзбекистон ва халқаро миқёсдаги фуқаролик жамияти ташкилотлари мақсади ва фаолиятига доир турли саволларига ҳам жавоб олишди.

«Марказий Осиё Уюшмаси» Жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси талаба ёшларни фаол ҳаётга жалб қилишдаги роли учун Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Халқаро бўлимига миннатдорчилик билдиради.