Кўплаб халқаро ташкилотлар иштирокида “Silk Road Samarkand” мажмуаси Конгресс-марказида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтига асос солинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ишончли ҳимояси борасида ўзаро ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ушбу тадбирда “Марказий Осиё Уюшмаси” Жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Гулноз Мамарасулова ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳимояси бўйича қуйидаги мулоҳазалар ва таклифларни билдирди:
Биз ҳаммамиз биламизки, инсон ҳуқуқлари универсалдир ва ҳамма учун амал қилади. Ногиронлиги бўлган шахслар жамият ҳаётида иштирок этиш ва мустақил ҳаёт кечириш ҳуқуқига эга. Шахсни ва бутун жамиятни қўллаб-қувватлаш сиёсати ногиронларнинг бошқалар каби яшашини таъминлашга ҳам қаратилган бўлиши керак.
Дўстлар, ҳозир сиз Самарқанддасиз, имконияти чекланганлар кириши мумкин бўлган қанча пиёдалар ўтиш жойларини/пандусларни кўрдингиз?
Ҳар бир вилоятнинг ҳар бир туманида фаоллар бу масалаларда доимий равишда мониторинг, текширувлар ўтказишлари шарт! Афсуски, бу шароит нафақат вилоят ва туманларда, балки Тошкент шаҳрида ҳам таъминланмаган. Мен ҳали қишлоқлардаги ногиронлар учун шароитлар ҳақида гапирмаяпман.
Юртимиздаги коррупция билан боғлиқ кескин вазиятни инобатга олган ҳолда, Давлат томонидан ногиронларга ёрдам бериш дастурлари учун ажратилган маблағлардан фойдаланишни текшириш, фуқаролар назоратини кучайтириш лозим деб ҳисоблайман.
Конституцияда барча фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини амалга оширишда тенглиги белгиланганлигига қарамай, амалда бу ҳуқуқ ўз аксини тўлик топмаяпти. Мамлакатдаги ишсизлик муаммоси сабабли фуқаролар Ўзбекистондан ташқарига иш излаб чиқиб кетаётгани барчангизга маълум. Конвенцияда ногиронлар ҳам ҳамма каби яшаш ҳуқуқига эга, яъни улар ҳам ҳамма каби меҳнат қилиш ҳуқуқига эга экани айтилади.
Аммо ишсизлик даражаси юқори бўлган шароитимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш учун давлат қуйидаги амалий ҳаракатларни фаол амалга ошириши керак:
- Ташкилотларда ташкилий-ҳуқуқий шакл ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, ногиронларни ишга қабул қилиш учун квоталар ва ногиронлар учун махсус иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш.
- Ногиронларни иш билан таъминлаш учун энг мос бўлган касблар бўйича захира иш ўринлари ва уларни янги касбларга ўқитиш тизимини яратиш.
- Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар томонидан ногиронларни иш билан таъминлашлари учун қўшимча иш ўринлари (шу жумладан, махсус) ташкил этишини қўллаб-қувватлаш зарур.
Шунингдек, бу жараёнларни фуқаролик назоратини йўлга қўйиш, жамоатчиликни хабардорлигини ошириш ҳамда Ногиронлиги бўлган шахслар учун қонунларнинг амалда бажарилиши мониторинг қилиш учун Омбудсман ташкилоти қошида қўшимча иш ўринлари ташкил қилиш лозим деб ҳисоблаймиз.