Кенгашнинг навбатдаги йиғишида Қашқадарё вилоятида пахта мавсумида болалар меҳнати содир бўлаётгани муҳокама қилинди.
Кеча, 18 август куни ташкилотимиз қошидаги «Мустақил фуқаролик жамияти» Миллий кенгаши фаолларининг навбатдаги онлайн мулоқоти бўлиб ўтди. Унда Швецияда жойлашган бош ташкилотимиз раҳбари Пўлат Аҳунов ҳам иштирок этди.
Ушбу учрашувнинг асосий меҳмони – Бекзод Маллаев, Кенгашимизнинг Қашқадарё вилоятидаги раҳбари, ҳуқуқ фаоли.
Юртимизда сўнги йилларда гарчи мажбурий меҳнатга қарши кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бўлса-да, ўтган йили пахта терими вақтида Қашқадарё вилоятининг айрим туманларида ота-оналар томонидан болалар меҳнатидан фойдаланиб келинаётгани қайд этилди.
Ушбу сухбатимиз давомида Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалиги ишларида кузатилаётган болалар меҳнати, пахтачилик кластерлари фаолияти, «Indorama Agro» кластери томонидан ишчилар ҳуқуқлари поймол қилиниш ҳолатлари, айрим мансабдор шахсларнинг бу жараёнларга бефарқлиги билан боғлиқ масалаларга тўхталамиз.