2025 йил 17-февраль куни Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё Уюшмаси” Жамияти ваколатхонаси ташаббуси билан «Ўзбекистонда демократик бошқарувни қўллаб-қувватлаш: Нодавлат нотижорат ташкилотларининг инсон ҳуқуқлари бўйича салоҳиятини ошириш» мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ва демократик бошқарувни ривожлантиришга қаратилган масалалар муҳокама қилинди. Семинарга ваколатхона директори Гулноз Мамарасулова модераторлик қилиб, очилиш қисмида семинарнинг асосий мақсадларини баён этди.
Семинар доирасида Пулат Ахунов («Марказий Осиё Уюшмаси» Жамияти, онлайн), Хелен Бродрик (Британия Элчихонаси вакили), Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) вакиллари, Абдураҳмон Ташанов («Эзгулик» жамияти), Азамжон Формонов («Ҳуқуқий Тайанч» жамоат бирлашмаси), блогер Ақида Моҳирова ва бошқа меҳмонлар сўзга чиқиб, инсон ҳуқуқлари юзасидан фикрларини билдирди. Улар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ННТларнинг ўрни, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари ҳақида фикр алмашдилар.
Шунингдек, семинар давомида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган 14 нафар нодавлат ташкилотлари вакиллари ўз тақдимотлари билан иштирок этишди. Улар ўз ҳудудларида инсон ҳуқуқлари бўйича тажрибалари, долзарб муаммолар ва таклиф этилаётган ечимлар ҳақида маълумот бердилар.
Муҳокамалар давомида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди:
- Ҳудудлардаги асосий инсон ҳуқуқлари муаммолари;
- Энг яхши тажрибалар ва муваффақиятли ташаббуслар;
- ННТлар ҳамкорлигини кучайтириш бўйича таклифлар.
Семинар якунида иштирокчилар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича муҳим хулосаларни муҳокама қилиб, келгусидаги ҳамкорлик режаларини ишлаб чиқдилар. Тадбирда фуқаролик жамияти ва ННТлар учун салоҳиятни ошириш стратегиялари, ҳуқуқий асослар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш масалалари бўйича қизғин мунозаралар ўтказилди
Семинар якунида иштирокчилар томонидан келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди, шунингдек, ННТларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги иштироки юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.
Мазкур тадбир ННТлар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари учун ўзаро тажриба алмашиш ҳамда келажакдаги ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.
“Марказий Осиё Уюшмаси” Жамияти ваколатхонаси Ахборот хизмати




