Ижтимоий тармоқларда фаоллар ёки ОАВ вакиллари томонидан тарқатилган хабарларда, маҳкум ёки маҳбусларнинг бевосита мурожаатлари ёки уларнинг яқин қариндошлари орқали айрим ҳолларда жазони ижро этиш муассасаларида сақланувчиларга нисбатан ғайриинсоний муносабатлар ҳамда қийноқлар ҳақида хабар топамиз. Ва аксарият ҳолларда бундай муносабат ходимларининг маҳбуслар билан муомала қилиш маданияти ва уларнинг қонуний ҳуқуқларини етарлича билмаслиги оқибатида содир бўлаётганига гувоҳ бўламиз.
Шу сабабли бундай амалиётларнинг олдини олиш ва барчанинг инсон ҳуқуқлари тенг эканлигини яна бир бор эслаш муҳимлигини англаган ҳолда Жазони ижро этиш департаменти ва фуқаролик жамияти ҳамкорлигидаги ўқув семинари Сирдарё вилоятида ташкил қилинди.
2024 йил 15 апрель куни Гулистон шаҳрида бўлиб ўтган семинар-тренингда озодликдан маҳрум этиш жойларида инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва бу борадаги миллий ва халқаро қонунчилик нормалари таҳлил қилинди. Тадбирни ташкиллаштиришда Ўзбекистондаги Швецария элчихонаси, Инсон ҳуқуқлари “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси ҳамда Омбудсман ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳамкорлик қилди.
Бу масалада “Марказий Осиё Уюшмаси” Жамияти ваколатхонаси билан яқиндан ишлаб келаётган Инсон ҳуқуқлари “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмасига ташаккур билдирамиз.