Гулноз Мамарасулова иши орқали уюшмалар эркинлиги таҳдид остида

2025 йил 27 май куни фуқаролик жамияти фаоли, “Марказий Осиё Уюшмаси” жамиятинингЎзбекистондаги ваколатхонаси директори Гулноз Мамарасуловага нисбатан Адлия вазирлиги даъвоси бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилди. 

2025 йил 10 июн куни суд унинг иштирокисиз ўтказилиб, орадан бир ойдан ошиқ вақт ўтиб, МИБданкелган тўлов ҳақидаги огоҳлантириш хати орқали Мамарасулова ўзига нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 239-моддаси 6 қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этишда айблангани ва маъмурий жарима қўлланилгани ҳақида хабар топган. Суд қарорида гўё у ўзайбини тан олгани қайд этилган бўлса-да, у на судда қатнашган ва на судга чақирув қоғози олган. Унингайтишича, у фақат Адлия вазирлигининг тақдимномасидан кейин, 2025 йил май ойининг охирида, бу ишюзасидан хабардор бўлган ва бу ҳақида вазирлик сўрови билан тушунтириш хати ёзишига тўғри келган.

Гулноз Мамарасулова — инсон ҳуқуқлари соҳасида кўп йиллик тажрибага эга фаол. У “Марказий ОсиёУюшмаси”нинг Ўзбекистондаги расман рўйхатдан ўтган вакили сифатида инсон ҳуқуқларимониторинги, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим ва халқаро ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширибкелмоқда. 2024 йилда Гулноз инсон ҳуқуқлари соҳасида танилган мутахассис Эндрю Клапхэмнинг “Инсон ҳуқуқлари: жуда қисқа кириш” (Human Rights: A Very Short Introduction) номли китобини ўзбек тилига таржима қилган. Бу таржима инсон ҳуқуқлари тушунчасини кенг ўзбек жамоатчилигига етказишга қаратилган муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

Афсуски унинг бу соҳадаги кенг фаолияти кимларгадир ёқмаётган кўринади, назаримда. 2025 йил 29 апрелда Адлия вазирлиги томонидан расмийлаштирилган тақдимнома орқали Мамарасулова раҳбарлик қилаётган ташкилот фаолиятига қатор айбловлар қўйилди. Улар фуқаролик жамияти фаолиятини чеклашга қаратилган маъмурий механизмлар орқали амалга оширилаётган босимни кўрсатади.

Тақдимномада келтирилган “қонунбузарликлар” ташкилот томонидан ниятан содир этилган эмас, балки мавжуд техник чекловлар ва ҳуқуқий ноаниқликлар туфайли юзага келган ҳолатлардир. Масалан, 2022-2023 йилда ўтказилган онлайн мулоқотлар учун олдиндан рухсат талаб қилиниши, тадбир жойининг ўзгариши сабабли келиб чиққан тушунмовчиликлар, хорижий меҳмонлар рўйхати билан боғлиқ муаммолар — буларнинг ҳеч бири қасддан қилинмаган ёки нотўғри ниятдан далолат бермайди.

Фаолларга ва нодавлат ташкилотларига нисбатан бундай маъмурий ёндошувлар қўлланилаётгани Ўзбекистонда уюшмалар эркинлиги ва фуқаролик жамияти ривожига жиддий таҳдид солади. Мамарасуловага қарши қўлланган жарима фақат унинг шахсий ҳуқуқларига эмас, балки бутун фуқаролик жамиятини фаолиятдан қайтаришга қаратилган сигнал сифатида қабул қилиниши мумкин.

Европа давлатларида ННТлар ана шундай майда-талаблар ёки техник хато учун жаримага тортилиш эмас, балки ёрдам, маслаҳат ва шаффоф мулоқот орқали қўллаб-қувватланади. Маъмурий назорат эркин фаолиятни чеклаш учун эмас, шаффофлик ва жамоатчилик ишончини таъминлаш учун амалга оширилади. Ўзбекистон ҳам халқаро мажбуриятлари доирасида — жумладан, ЕИнинг GSP+ преференциялар тизимида — фуқаролик жамиятини ҳимоя қилиш ва ривожлантиришни ўз зиммасига олган.

Ҳозирги ҳолат эса аксинча, ташкилотларни ҳуқуқий тузоқлар, жарима ва таҳдидлар орқали фаолиятдан тийилишга мажбур этаётганини кўрсатади. Бу фақат Мамарасулова ёки бир ташкилотнинг муаммоси эмас — балки мамлакатдаги уюшмалар эркинлигига бўлган муносабатни акс эттиради.

Фуқаролик жамияти ривожи ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги фаоллар маъмурий жарималар эмас, институционал ҳимоя ва давлат томонидан тан олинишга муҳтож. Улар давлатнинг рақиби эмас, балки жамият манфаатларини таъминловчи тенг ҳуқуқли ҳамкорлар сифатида кўрилиши шарт.