Жорий йилнинг 9 август куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) амалдаги раиси ва Шимолий Македония ташқи ишлар вазири Буяр Османи Ўзбекистонга ташрифи чоғида фуқаролик жамияти фаоллари билан ҳам учрашди.
Учрашув давомида Буяр Османи бутун дунё тажрибасига кўра ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар юритишда фуқаролик жамиятининг роли ва аҳамияти, фуқаролик жамиятисиз ҳукуматнинг барча ҳаракатлар самарасиз эканлиги ҳақида фикрлар билдирди. У Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ҳақида яқиндан хабардор бўлиш учун фаоллар билан учрашишга қарор қилганини билдирди.
Тадбирда қатнашган ННТ вакиллари ногиронлар ҳуқуқлари, ёпиқ муассасалардаги ҳуқуқий-психологик муаммолар, журналист ва педагоглар билан боғлиқ ҳолатлар, экологик муаммолар, қийноқлар билан боғлиқ вазият ҳақида хавотирларини билдиришди.
Шу жумладан, “Марказий Осиё Уюшмаси” Жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Гулноз Мамарасулова Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва уюшиш эркинлигига таҳдид, ННТларнинг давлат рўйхатидан ўтиши ва улар олдидаги турли сунъий муаммолар ҳамда фермерлар ҳуқуқларининг таъминланиши юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ўйлаймизки, бугун нуфузли халқаро ташкилотнинг раиси билан учрашув давомида кўтарилган масалалар шундайлигича қолиб кетмайди. Улар ҳуқумат вакиллари билан бўладиган навбатдаги учрашувлари давомида ушбу масалаларни муҳокама қилишади.