Швецияда министрлар, депутат ёки ҳокимлар қандай ишлаши ҳақида билишни истайсизми? Швеция қандай бошқарилади? Маҳаллий ҳокимият идоралари қандай ишлайди? Агар шундай масалалар Сизни қизиқтирса, энди саволларингизни Швециядаги министр, депутат ёки ҳокимларга бериш имконияти сизда мавжуд.
Бугундан “Швед сиёсатчиларига савол” номли лойиҳамизни бошлаймиз. Ўзбекистонликлар ёки бошқа жойлардаги ватандошларимиз саволларига жавоб беришни, таниқли швед сиёсатчиси Ларс Лейонборг (Lars Leijonborg) бошлаб беради.
Ларс Лейонборг 20 йилдан ортиқ Швеция парламенти – Риксдаг депутати бўлган. 10 йил давомида Швеция Халқ (ҳозирда Либераллар) партиясининг раҳбари лавозимида ишлаган. У раҳбарлик қилган партия ва коалиция сайловда ғолиб бўлиб, ҳокимиятга келган вақтида, Ларс Лейонборг Маориф вазири, кейинчалик Олий таълим ва тадқиқотлар вазири (2006-2009 йиллар) бўлиб ишлаган. Ҳозирда турли хил кенгашларнинг бошқаруви аъзоси, ёзувчи ва маслаҳатчи сифатида фаол.
Саволларингизни Ларс Лейонборгга турли шаклларда, ёзма ёки видео тарзида беришларингиз мумкин. Видео шаклда берилган саволларга Ларс Лейонборг видео орқали жавоб беради. Барча шаклдаги саволларни Ваколатхонамизнинг Фейсбук саҳифасидаги
https://www.facebook.com/acarouz/, мазкур эълоннинг изоҳлар қисмида қолдиришингиз ёки мессенджер орқали йўллашингиз мумкин.
Савол йўллашнинг охирги муддати – 12 феврал, 2021 йил. Барча саволларни тўплаб ва таржима қилгач, Ларс Лейонборгга топширамиз ва у Сизни қизиқтирган масалаларга ёзма ёки видео шаклида жавоб беради.
Швеция Қироллигида жойлашган «Марказий Осиё Уюшмаси» Жамиятининг Ўзбекистондаги Ваколатхонаси